Хусусий клиникаларга орган кўчириб ўтказишга рухсат берилиши мумкин
Қонунчиликка ўзгартиришлар киритилса, дастлаб оддий операцияларга рухсат берилиши, кейинчалик эса тўлиқ трансплантация хизматлари йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасаларига трансплантация амалиётини амалга оширишга рухсат бериш таклифи муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда 15-июль куни Савдо-саноат палатасида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқот чоғида маълум қилинди.
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Алишер Бобоевнинг билдиришича, президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, у ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда. Лойиҳага кўра, хусусий клиникаларга орган кўчириб ўтказиш операцияларини бажаришга рухсат берилиши мумкин. Ҳужжатнинг эълон қилиниши яқин 2–3 ҳафта ичида кутилмоқда.
Central Asian Medical University ректори Нурилло Мамасодиқов бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ҳар йили юзлаб беморлар даволаниш учун хорижга чиқишга мажбур бўлаётганини, бироқ уларнинг ярми молиявий имкониятсизлик сабаб Ўзбекистонда қолиб кетаётганини таъкидлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жалолиддин Асамутдинов трансплантологияни хусусий секторга босқичма-босқич очиш муҳимлигини айтиб ўтди. Дастлаб, кам хавфли ва мураккаб бўлмаган операцияларга рухсат берилиши, кейинчалик эса тўлиқ ҳуқуқли трансплантация хизматлари кўрсатишга ўтилиши режалаштирилган.
Унинг айтишича, трансплантология юқори технологик инфратузилма, генетик тадқиқотлар ва лаборатор диагностика талаб этадиган мураккаб йўналиш бўлиб, бу борада қонунчилик базасини ҳам босқичма-босқич янгилаш зарур.
Ҳозирда Ўзбекистонда трансплантация фақат давлат тиббиёт муассасаларида амалга оширилади. Амалдаги қонунчиликка кўра, донорлик фақат тирик одам ёки мурда шахс асосида рухсат этилган бўлиб, муассасалар рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.







