Япония Ўзбекистон ёшлари учун ишга жойлашиш дастурини бошлади
“Onodera User Run” компанияси Меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик қилмоқда — ўзбекистонликлар япон тилини ўрганиб, ресторан ва парвариш хизматларида ишга жойлашиш имкониятига эга бўлади.

Япония ҳукумати меҳнат мигрантларига бўлган эҳтиёж ортиб бораётгани сабабли Ўзбекистон, Ҳиндистон, Шри-Ланка ва бошқа Жанубий ҳамда Марказий Осиё давлатларидан ишчи кучини фаол жалб этишни режалаштирмоқда.
Бунга асосий сабаблардан бири — Хитой ва Вьетнам каби Жануби-Шарқий Осиё давлатларидан Япония бозорига кириб келаётган ишчилар сонининг сезиларли даражада қисқарганидир.
Мазкур жараён доирасида япониялик “Onodera User Run” компанияси Ўзбекистон Меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ушбу ҳамкорлик асосида юртимиз ёшлари япон тилини чуқур ўрганиб, тил имтиҳонидан муваффақиятли ўтгач, Япония бозорида ишга жойлашиш имкониятига эга бўладилар. Дастур доирасида ҳар йили тахминан 200 нафар ўзбекистонлик фуқарони ресторан соҳаси ҳамда қариялар уйларида парвариш хизматларига тайёрлаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда Япония иш бозорига тайёргарлик кўриш истагидаги ёшлар учун учта япон тили ўқув маркази очилди. Ушбу марказлар Япония ва халқаро ишчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи компания томонидан ташкил этилган.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Японияда бор-йўғи 346 нафар ўзбекистонлик ишчи меҳнат қилмоқда. Мамлакатдаги демографик ўзгаришлар ва ишчи кучи танқислиги фонида, Япония хорижий ишчилар учун тобора очиқлик сиёсатига ўтишни кенгайтирмоқда. Бироқ бу борада Жанубий Корея ва Тайван билан кучли рақобат мавжуд бўлиб, бу давлатлар ҳам иш ҳақларини ошириш орқали хорижлик мутахассисларни жалб қилмоқда.







