Ердаги энг катта Марс бўлаги аукционда сотилди
У 2023 йили Саҳройи Кабир чўлидан топилганди.

Ер юзидан топилган энг катта Марс метеорити Sothebyʼs кимошди савдосида беш миллион доллардан кўпроққа сотилди. Бу ҳақида савдо уйининг интернетдаги саҳифасида хабар берилди.
Лотнинг якуний нархи 4,3 миллион долларни ташкил этган, бироқ ҳар хил тўлов ва харажатларни ҳисобга олган ҳолда, харидор бунинг учун тахминан 5,3 миллион доллар тўлаган. Ҳисоб-китоблар икки миллиондан тўрт миллион долларгача бўлганди.
Маълумот учун, NWA 16788 деб номланган метеорит 2023 йил ноябрь ойида Нигердаги Саҳройи Кабир чўлида топилган. Метеоритнинг оғирлиги 24,67 килограммни ташкил этади, бу Ерда топилган кейинги энг йирик Марс бўлагидан тахминан 70 фоизга каттароқ.
Кимошди савдо уйида сотилишидан олдин метеорит Римдаги Италия космик агентлигида ва Тосканадаги шахсий галереяда омма олдида намойиш этилган.







