“Динини унутиб, дарахтга эътиқод қилишни бошлаб юбормасайди…” Алишер Қодиров дарахт кесилишига қарши чиқаётганларга муносабат билдирди
Куни кеча тадбиркор Мурод Назаровнинг дарахтлар кесилишига қўйилган чекловни олиб ташлаш теклифи ортидан кескин муҳокамалар бошланиб кетди. Депутат Жавлон Абдуллаев “агар чеклов бўлмаганида аллақачон чўлга айланган бўлардик” дея депутат таклифига қарши чиққан.

Тошкент шаҳрида қурилиш жараёнларида дарахт кесишга қўйилган чекловни олиб ташлаш бўйича тадбиркор Мурод Назаров илгари сурган таклиф кенг жамоатчилик ва депутатлар орасида муҳокамага сабаб бўлди.
Мурод Назаров фикрича, барибир айрим ҳолларда дарахтлар кесилмоқда, шу сабабли, кесилиши мумкин бўлган дарахтлар ўрнига олдиндан бир неча баравар кўпроқ дарахт экиш тизимини жорий этиш керак. Шу орқали қурилиш ишлари давом этиши билан бирга, атроф-муҳитга етказиладиган зарар ҳам камаяди, дея таъкидлайди тадбиркор.
Ушбу таклифга Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Жавлон Абдуллаев ўз муносабатини билдириб, бу борада эҳтиёткорликка чақирган. Депутатнинг сўзларига кўра, бугунги кунда сув танқислиги ва глобал исиш каби муаммолар кундан-кунга кучайиб бормоқда ва ҳар бир дарахтни асраш келажак авлод учун зарур.
“Битта дарахтни катта қилиб, ўстириш учун ўн йиллаб вақт ва доимий парвариш керак. Еттимиш йиллик дарахтни бир кунда кесиб ташлаш мумкин, лекин уни қайта тиклаш жуда қийин. Шу сабабли, ҳозир амалда бўлган мораторий (дарахт кесишга вақтинча тақиқ) жуда муҳим”, – деган Абдуллаев.
Миллий Тикланиш Демократик Партияси етакчиси, депутат Алишер Қодиров ҳам бу борада ўз фикрини билдирди. Қодиров дарахт кесишга мутлақо қарши бўлиш ҳам тўғри эмаслигини таъкидлади.
“Баъзан зарурат бўлса, зарарли ёки қурт еб битирган дарахтни олиб ташлашга бир йил вақт кетади. Ҳаммамиз бир-биримизга соламиз. Дарахт кесиш учун келганларни кўриб, йиғлайсанми ёки куласанми, билмайсан – гўёки одамни дорга осишга келишгандек”, – деди Қодиров.
Унинг фикрича, дарахтлар керак, лекин уларни инсон манфаатини эътиборга олиб асраш лозим.
“Дарахтни ҳимоя қилганимиздек, сув, ер, энергия, озиқ-овқат ва вақтни ҳам исроф қилмаслик учун бирлашсак эди. Келажак авлод дарахтга сиғиниб юборишидан ҳам эҳтиёт бўлиш керак”, – дея қўшимча қилди Қодиров.
Бу масала жамиятда кенг муҳокамага сабаб бўлаётганининг асосий сабаби – қурилиш ривожланиши ва экологик муҳофаза ўртасидаги нозик мувозанат. Бунда ҳокимият, тадбиркорлар ва атроф-муҳит ҳимоячилари ўзаро келишувга келиши муҳим бўлиб қолмоқда.







