Навоий вилоятини чансимон тутун қоплади
“Навоийазот” ҳодисага корхонанинг алоқаси йўқлигини айтмоқда.

2025 йил 19 июль куни эрталаб Навоий шаҳри ҳудудида чансимон тутун кузатилди. Худди шундай ҳолат 13 июль куни ҳам содир бўлган эди. Аҳоли орасида ушбу вазият “Навоийазот” АЖ фаолияти билан боғлиқ деган асосланмаган фикрлар тарқалмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан “Навоийазот” АЖ қуйидагиларни расман маълум қилади:
Корхона томонидан атмосферага чиқариладиган моддалар миқдори белгиланган меъёрлардан ошмаслиги қатъий назорат қилинмоқда. Жумладан:
3-, 23- ва 25-сехларга 3 дона автоматик газ анализатор,
Жамият санаторий-профилакторийи ва бошқарув биноси ҳудудига 2 та стационар мониторинг пости ўрнатилган.
Бу мақсадлар учун корхона маблағлари ҳисобидан 6 миллиард 186 миллион сўм сарфланган.
Шунингдек, атмосфера ифлосланишини олдини олиш учун:
3-сехга 1 та,
23-сехга 4 та скруббер (тутун ушловчи қурилма) ўрнатилган.
Корхона ҳудуди ва унинг атрофидаги экологик ҳолатни доимий кузатиш мақсадида 500 дан ортиқ замонавий кузатув камералари ишламоқда. Ер сатҳидан 120 метр баландликдаги кенг бурчакли кузатув камералари тасвирларига кўра, 13 ва 19 июль кунлари кузатилган тутун оқими корхона фаолияти билан боғлиқ эмас.
Таҳлилларга кўра, тутун Ғарбий ҳудуддан, яъни Навоий халқаро аэропорти томонидан шамол орқали ҳаракатланиб, корхона усти орқали шаҳарга тарқалган.








