“Дарахт кесишга исён, пиво фестивалига сукунат!” Депутат пиво фестивали ўтказишни тўхтатишга чақирди
“Ёшларимизга атиги 5 минг сўм эвазига спиртли ичимликни таклиф этишни оқлаб бўлмайди! Пиво фестивалини айнан Тошкентда ўтказиш — бу шунчаки фаоллар ёки бизнес ташаббуси эмас, балки халқни миллий анъаналари ва ўзлигига тупуришдир!!! Бугун пиво, эртага вино, кейин спиртли барлар ҳеч қандай маданий чекловсиз тадбирлар – шундай кетма-кетликда жамиятни сездирмасдан ўзгартириш мумкин”, - дейди Феруза Муҳкаммаджонова.

Жорий йилнинг 27-29 июнь кунлари Тошкент шаҳрида “Пиво фестивали” бўлиб ўтди. Миллий Тикланиш партияси раиси ўринбосари Феруза Муҳкаммаджонова куни кеча кўтарилган дарахт кесилиша таклифнинг жамоатчилик ўртасидаги кескин муҳокама бўлгани ортидан пиво фестивалга муносабат билдирди.
“Майдон одамлар билан гавжум бўлди. Иштирокчиларнинг аксарияти ёшлар. Русийзабон ОАВда бу мавзу зўр ёритилди. Ўзбекзабон ОАВи, зиёлилар билан бирга жим. Тошкентинг нариги томонида эса Ислом цивилизация маркази қадр ростлаяати... Пиво фестивали биринчи марта ўтаётгани йўқ. Бу тадбирни ўтказиш анъанага айланиб бормоқда.
Ўзбек жамиятида ҳам спиртли ичимликлар фестиваллари очиқчасига, оммавий шовқин ва реклама билан ўтказиляпти.
Баъзи доиралар бу каби фестивалларни "туристлар учун", "шаҳарни очиқ ва замонавий кўрсатиш учун" деб асослашади.
Лекин савол туғилади: оқибатини ҳисоб-китоб қилмаган "очиқлик" ривожланишми ёки ўзликдан воз кечишми?!
Ҳеч бир замонавий шаҳар ўз ўзлигини топтаб ривожланмайди. 1886 йилда Тошкентнинг янги шаҳар томонида халқни туб аҳолисини издан чиқариш учун атайлаб “Пиён бозори” майхоналар очилганидан хабаримиз бор. Чоризмни тушунса бўлади. Бугунчи бугун бу тадбирни ким ва нимага қўллаб-қувватламоқда?!
Ўзбекистон Германия эмаски, ҳар йили шугина тадбирдан 1 миллиард евродан ортиқ даромад олиб келса...Ёшларимизга атиги 5 минг сўм эвазига спиртли ичимликни таклиф этишни эса оқлаб бўлмайди!
Тошкент — мамлакатнинг юраги. Маданият, сиёсат, туризм, медиа — ҳаммаси мана шу ерда бошланади. Демак, бу ерда ўтказилган ҳар қандай тадбир бутун мамлакат учун намуна бўлмоғи даркор. Бироқ бу кетишда бу каби тадбирлар Бухоро, Самарқанд ва ҳатто Қўқонгача етиб бориши ҳеч гапмас. Балки етиб боргандир ҳам... Пиво фестивалини айнан Тошкентда ўтказиш — бу шунчаки фаоллар ёки бизнес ташаббуси эмас, балки халқни миллий анъаналари ва ўзлигига тупуришдир!!!
Бугун пиво, эртага вино, кейин спиртли барлар ҳеч қандай маданий чекловсиз тадбирлар – шундай кетма-кетликда жамиятни сездирмасдан ўзгартириш мумкин.
Албатта, кимнинг нима ичиши унинг шахсий танлови. Лекин бу танлов жамоат жойида, бутун жамият кўз ўнгида тарғиб этилишига йўл қўйиб бўлмайди.
Эркинлик тушунчаси маданиятсизлик ва ҳадсизликка аралашиб кетса, бу жамиятнинг ўзлигини йўқотишидан дарак.
Жамоатчилик бу каби оммавий тарғиботларга қарши фикр билдириши керак эмасмиди?!
Ахир бугун маънавият ва ёшлар масаласида етарли ишониш қийин бўлган муаммолар бор. Мутахассисларнинг фикрича Ўзбекистонда айни кунда энг ёш гиёҳванднинг ёши 12да...
Демак бугун баҳс очилган масала бу фақат дарахт масаласи эмас.. Бу — инсоннинг ўз ҳаёти, келажагига боғлиқ масала. Агар бир ёғоч учун жамият шундай фаол қўзғолса – демак, бу жамиятдан катта умид кутиш мумкин. Негаки мусулмон одамнинг қалбига "Қиёмат қоим бўлаётганини кўрсанг ҳам, қўлингда бир дарахт ниҳоли бўлса, уни экиб улгур”деган ўгит мухрланган.
Бироқ бу борада ҳам икки хил стандарт борга ўхшайди: дарахт кесишга исён, пиво фестивалига сукунат!!!
Хулосам: Дарахтни қандай ҳимоя қилсак, ўзлигимизга дахлдор масалада ҳам шундай собит бўлайлик. Зеро дарахтни бўшини барибир қурт ейди....”- дея фикларига якун ясаган депутат.







