Нетаньяху яроқсиз овқатдан заҳарланди
Исроил бош вазири вақтинча иш фаолиятини уйидан давом эттиради.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху 20 июль куни “яроқсиз ёки бузилган” озиқ-овқатдан заҳарланиш оқибатида ичак яллиғланиши ва сувсизланиш билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Исроил ҳукуматининг расмий саҳифаси орқали маълумот берилди. Тиббиёт ходимлари Нетаняхуга томир орқали инфузион даволаш чораларини кўрмоқда.
Шифокорлар бош вазирга камида уч кун давомида иш фаолиятини уйидан туриб олиб боришни тавсия қилишган. Унинг соғлиғи ҳозирда барқарор деб баҳоланмоқда. Шунга қарамай, Нетаняхунинг кундалик иш режими вақтинча ўзгартирилган.
Нетаняхунинг бу соғлиғи билан боғлиқ муаммолари суд жараёнларига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Унга қарши 2024 йил декабрь ойидан бери пора олиш, фирибгарлик ва жамоат ишончини суиистеъмол қилиш айбловлари бўйича тергов ишлари давом этмоқда. 21-22 июль кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган суд мажлислари вақтинча қолдирилган.
Маълумот учун, 2023 йилда ҳам Бинямин Нетаняхуга юрак стимулятори ўрнатиш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган эди. Бу операция юрак ритмини кузатиш натижасида зарур деб топилган.







