Шўрчида эркак турмуш ўртоғи кўз ўнгида пичоқлаб ўлдирилди
Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, икки киши ҳибсга олинган.

2025 йил 16 июль куни Сурхондарё вилояти, Шўрчи туманида жойлашган марказий деҳқон бозорида фуқаро Элбек Эшматов бир гуруҳ шахслар томонидан оғир тан жароҳатлари етказилиши оқибатида вафот этди. Воқеа кўплаб гувоҳлар, жумладан марҳумнинг турмуш ўртоғи кўз ўнгида содир бўлган.
Мазкур ҳодиса юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда гумонланувчи сифатида жалб қилинган икки шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Суриштирув жараёнлари давом этар экан, жиноят иши прокуратура органлари томонидан алоҳида назоратга олингани маълум қилинди.
Воқеага алоқадор марҳумнинг турмуш ўртоғи ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаатида, айбланувчилар — Буриев Улуғбек, унинг шериги Карим исмли шахс, онаси Дилором ва жияни Озодбек томонидан бир неча бор таҳдидлар бўлганини билдирган. Унинг айтишича, бу ҳақда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олдиндан мурожаат қилинган, бироқ амалда ҳеч қандай чора кўрилмаган.
Айни пайтда жиноятга алоқадор барча шахсларни аниқлаш, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







