Тошкентдаги омборхоналарнинг биридан перекис водород сизиб чиқди
Олмазор туманидаги 423-сонли боғча ҳудудида ҳавода хавфли даражадаги ифлосланиш қайд этилган.

Бугун, 21 июль куни соат 03:00 атрофида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Узумбоқ кўчасида жойлашган омборхонада перекис водород моддасининг очиқ ҳавога сизиб чиқиши кузатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий баёнот берди.
Ҳодиса юзасидан дарҳол ФВВнинг Радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик ҳимоя бўлимлари воқеа жойига етиб борди. Вазият тезкор назоратга олиниб, барча тегишли хизматлар биргаликда иш олиб борди ва ҳодиса соат 04:00 га келиб тўлиқ бартараф этилди.
Аир Ташкент хизматининг ҳаво сифати сенсорлари эса айни вақтда Олмазор туманида, 423-сонли болалар боғчаси ҳудудида ҳавода хавфли даражадаги ифлосланиш қайд этган.
Ҳозирда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.







