БАА ўзбекистонлик сайёҳлар учун ҳайдовчилик қоидаларини соддалаштирди
Ўзбекистонликлар энди БААда ўз гувоҳномаси билан машина ҳайдашлари мумкин.

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) сайёҳлар учун ҳайдовчилик қоидаларини соддалаштирди. Энди Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, яна 51 давлат вакиллари ўз юртида олинган ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланиб, БАА ҳудудида транспорт бошқаришлари мумкин. Бу ҳақда Gulf News нашри хабар берди.
Янги тартибга кўра, асосий шарт — сайёҳ БААда меҳмон сифатида, яъни резидент визасиз бўлиши ва ҳайдовчилик гувоҳномаси амал қилаётган бўлиши керак.
Агар ушбу 52 мамлакатдан келган шахс Амирликларга доимий яшаш ёки ишлаш учун кўчиб ўтмоқчи бўлса, у ҳолда маҳаллий ҳайдовчилик гувоҳномасини имтиҳонсиз олиши мумкин. Фақатгина гувоҳномани алмаштириш учун 600 дирҳам (тахминан 160 АҚШ доллари) тўлов амалга оширилади, шунингдек, араб тилига таржима ва асл гувоҳноманинг нусхаси талаб этилади.
Рўйхатда Ўзбекистон билан бирга Беларус, Украина, Озарбойжон ва Қирғизистон ҳам мавжуд. Аммо Россия ва Қозоғистон фуқаролари бу енгилликдан ҳозирча фойдалана олмайди.
Янги тартиб ҳайдовчилар учун қулайликлар яратиш билан бирга, Амирликлар ва Ўзбекистон ўртасидаги туризм ва транспорт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаши кутилмоқда.







