Ўзбекистон Президентига бутун дунёдан табриклар келмоқда
Суҳбатларда самимий табриклар билан бирга давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев туғилган куни муносабати билан бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари томонидан самимий табриклар йўлланди.
Табрик йўллаганлар қаторида Россия Федерацияси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко, Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён, Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов, Миср, Мўғулистон, Сербия, Арманистон, Словения каби давлатлар, шунингдек, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Халқаро маслаҳат кенгаши каби тузилмалар раҳбарлари ҳам бор.
Мурожаатларда давлатимиз раҳбарининг шахсий фазилатлари, стратегик дунёқараши ва етакчилигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ва минтақа тинчлигига қўшаётган ҳиссаси юксак баҳоланди.
Табрикларда Президент Шавкат Мирзиёевга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, фидокорона давлатчилик фаолиятида янада катта муваффақиятлар, дўст Ўзбекистон халқига тинчлик, барқарорлик ва равнақ тилаклари изҳор этилди.
Суҳбатлар чоғида Ўзбекистоннинг мазкур давлат ва минтақалар билан кенг қамровли стратегик шериклик, иттифоқчилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар олий даражада эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, маданий-гуманитар алмашинувни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратдилар.








