1 августдан кучга кирадиган янги тартиблар рўйхати эълон қилинди
Ўзбекистонда иш ҳақи, БҲМ, санитария нормалари ва бошқа йўналишларда бир қатор янгиликлар кучга киради.

2025 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистонда иқтисодий, меҳнат, таълим ва ижтимоий соҳаларни қамраб олган муҳим норматив ўзгаришлар кучга киради. Қуйида асосий янгиликлар келтирилган:
Иш ҳақи ва стипендиялар оширилади: Бюджет ташкилотлари ходимлари ҳамда ўқувчи ва талабалар стипендиялари миқдори 10 фоизга оширилади.
Минимал иш ҳақи – 1 271 000 сўм,
БҲМ – 412 000 сўм этиб белгиланади.
Портловчи моддалар билан ишлаш лицензиялари тартиби ўзгартиради: Энди бундай фаолият учун лицензия ФВВ билан келишилган ҳолда берилади.
Ерни ноқонуний ишлатганлик ҳақида хабар берганларга мукофот берилади: "GeoMonitoring" ахборот тизими орқали фото/видео далиллар юборилиб, пул мукофоти олиш мумкин бўлади.
Ногиронлар учун иш ўринлари электрон тарзда захирага олинади: "Ягона миллий меҳнат тизими" орқали ташкилотлар махсус электрон реестр асосида ногиронлар учун мос иш ўринларини белгилайди.
Мажбурий озиқ-овқат стандартлари бекор қилинади: Ўрнига Codex Alimentarius асосида гигиена, санитария ва хавфсизлик талабларига риоя қилиш тартиби кучга киради.
Давлат ташкилотларида жисмоний машқлар ва тана массаси назорати жорий этилади: Ҳар куни эрталаб жисмоний тарбия машғулотлари ўтказилади. Ходимларнинг BMI кўрсаткичи доимий эълон қилиб борилади.
Баъзи оилаларга боғча тўловлари давлат томонидан қоплаб берилади: Бу маблағлар нодавлат МТТларга йўналтирилади.
Нодавлат ОТМлар талаба қабулни HEMIS тизимига киритиши шарт: 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб 1 октябрга қадар барча қабул буйруқлари HEMIS тизимида расмийлаштирилиши керак.
Чиқинди учун қарздорлик бўлса, электр учун тўлов тўхтатилади: Агар чиқинди хизматлари учун қарз 5 кун ичида тўланмаса, электр тўлови блокланади.







