Ўзбекистон президентини ҳақорат қилган шахс Озарбайжондан Тошкентга олиб келинди
43 ёшли Юсупов Боку шаҳрида аниқланиб, вақтинча қамоққа олиш чораси қўлланилган.

2025 йил апрель ойида Озарбайжон ҳудудида қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Омонбек Юсупов халқаро қидирув асосида Тошкентга экстрадиция қилинди. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилганликда айбланмоқда.
Озарбайжон Бош прокуратурасининг маълумотига кўра, 43 ёшли Юсупов Боку шаҳрида аниқланиб, вақтинча қамоққа олиш чораси қўлланилган. Мазкур ҳолат юзасидан “Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва муносабатлар тўғрисида”ги 2002 йил 7 октябрдаги Конвенцияга асосан Юсуповни Ўзбекистонга топшириш тўғрисида қарор чиқарилган.
Экстрадиция Озарбайжон Адлия вазирлигининг Пенитенсиар хизмати томонидан ташкил этилган махсус конвой орқали амалга оширилди. Ўзбекистон Бош прокуратураси таъкидлашича, айбланувчининг қайтарилиши мамлакат қонунчилиги устуворлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Хабарларга кўра, хорижда жиноят содир этган ўзбекистонлик фуқароларни излаб топиш ва уларни юртга қайтариш чоралари изчил давом эттирилмоқда. Бу эса Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет элда содир этилган ноқонуний ҳаракатлар беписанд қолдирилмаслигини яна бир бор тасдиқлайди.
Қонунчиликка мувофиқ, давлат раҳбарининг шаънини камситиш ва ҳақорат қилиш Ўзбекистонда оғир ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва у учун қатъий жавобгарлик кўзда тутилган. Бош прокуратура ушбу ҳолат фуқароларни юридик масъулият ва онлайн фаолиятдаги эҳтиёткорликка ундашини таъкидлади.
Барча процессуал ҳаракатлар халқаро ҳуқуқий меъёрлар асосида олиб борилган бўлиб, Юсуповга зарурий ҳуқуқий кафолатлар таъминланган.








