Ўзбекистонда 1 июль ҳолатига кўра, камбагаллик даражаси 6,8 фоизни ташкил қилди
Президентга бандлик ва касбий таълимга оид янги ёндашувлар тақдим этилди.

25 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини ошириш ва касбий таълим тизимида хорижий тажриба асосида йўлга қўйилаётган янги ёндашувлар тақдимоти билан танишди.
Жорий йил бошидан бандлик сиёсатида маҳалла ва банклар ўртасида кооперация йўлга қўйилиб, натижада биринчи ярим йилликда 3 миллиондан ортиқ фуқаро даромадли меҳнатга жалб қилинди. Шу билан бирга, 2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва даромадини ошириш орқали камбағаллик даражаси 6,8 фоизга камайгани қайд этилди.
Касбий таълим сифати бандлик даражасига бевосита таъсир қилмоқда. Ҳозирда малакали кадрлар етишмовчилиги, касбга йўналтиришдаги узилишлар ва хусусий сектор билан ҳамкорликнинг сустлиги асосий муаммолар сифатида кўрсатилди. Айниқса, касбий ўқув дастурлари меҳнат бозори эҳтиёжларига тўлиқ мос келмаслиги танқид қилинди.
Тақдимотда қуйидаги янги ташаббуслар илгари сурилди:
Меҳнат органлари иш берувчилар учун ҳамкор ва хизмат кўрсатувчи тизимга айлантирилади.
Иш берувчиларга бўш иш ўринлари тўғрисида ахборот бермаслик ёки юборилган номзодни ишга қабул қилмаслик учун қўлланиладиган жазолар бекор қилинади.
Ташаббус сифатида Тошкент шаҳрида махсус электрон платформа синов тариқасида ишга туширилади, сўнг бутун республикага жорий қилинади.
Муаайян вакансиялар касбий таълимнинг асосий йўналишларига айлантирилиб, ўқув жараёнлари меҳнат бозорига боғланади.
Касбий кўникмалар марказларига хусусий сектор вакиллари жалб этилади, айрим марказлар эса ихтисослаштирилган таълим муассасаларига айлантирилади.
Касбий таълимни уч босқичли тизимга ўтказиш режалаштирилмоқда: бепул онлайн видеодарслар, “касб ваучери” орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш имкониятлари йўлга қўйилади.
Президент малакали кадрлар тайёрлаш Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағалликни камайтиришда энг муҳим омил эканини таъкидлади.







