Таиланддаги Ўзбекистон фуқароларидан Камбоджа билан чегарадош ҳудудларга бормаслик сўралди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Таиланд ва Камбоджа ўртасида юзага келган қуролли тўқнашувга муносабат билдирди.

Вазирлик баёнотида айтилишича, вазият диққат билан кузатиб борилмоқда ва барча томонлар можаро сабабларини тинч йўл билан ҳал қилишга, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга чақирилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотларга кўра, ҳозирча Таиланд ва Камбоджадаги Ўзбекистон фуқаролари орасида жабрланганлар аниқланмаган.
ТИВ фуқаролардан Камбоджа билан чегарадош ҳудудларга бормасликни, сафарларни вақтинча чеклашни ва расмий хабарларни доимий равишда кузатиб боришни тавсия қилди.
Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги чегара можаролари Франция мустамлакачилик даврига бориб тақалади. Мустақилликка эришгандан кейин ҳам икки давлат ўртасида чегара масаласида келишмовчиликлар давом этиб келмоқда.
Сўнгги кескинлашув 2025 йил 23 июль куни юз берди. Ўша куни Таиланд ҳарбийларидан 5 нафари чегарада ер минаси портлаши оқибатида жароҳат олди. Бу воқеадан сўнг томонлар ўртасида ўзаро ўт очиш бошланди.
Расмий маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувлар натижасида Таиланд томони 14 кишини йўқотган. Можаро сабаб икки давлат чегарасида жойлашган ҳудудлардан 100 минглаб аҳоли эвакуация қилинди.







