Жанубий Фарғона канали сувининг таркибида кимёвий моддалар аниқланди
Канал яқинида жойлашган корхонадан матоларни ювишда фойдаланилган сув каналга оқизилган.

26 июль куни ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Булоқбоши туманидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона каналида сув юзасида кўпиклар пайдо бўлгани акс этган видеёзувлар кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ҳолат бўйича мутасадди идоралар зудлик билан текширув ишларини бошлади.
Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги ҳудудий бошқарманинг маълум қилишича, дастлабки текширув натижаларига кўра, канал сувида физик-кимёвий ўзгаришлар аниқланган. Хусусан, сув таркибида нитрит ва нитрат тузлари, ишқорий бирикмалар ва бўёқ қолдиқлари борлиги тасдиқланган.
Мазкур ҳолатга Ширмонбулоқ ҳудудида фаолият юритаётган тикув-трикотаж фабрикасининг ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилган техник сувни каналга оқизгани сабаб бўлган. Экология идораси вакиллари томонидан ҳолат юзасидан чора кўрилиб, корхона фаолияти бўйича қонунчилик доирасида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Шунингдек, Андижон вилояти прокуратураси ушбу ҳолатни назоратга олган бўлиб, барча масъул ташкилотлар иштирокида батафсил ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. Расмий лаборатория хулосалари ва якуний маълумотлар асосида қўшимча ахборот тақдим этилиши режалаштирилган.







