Тошкент вилоятида адвокат пора билан қўлга тушди
У бундан олдин ҳам наркотик савдоси билан судланган.

Тошкент вилоятида адвокат 20 минг доллар пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати Zamon.uz'га маълум қилди.
Маълум бўлишича, Тошкент вилоятида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган фуқарони мансабдор танишлари орқали озодликка чиқартириб беришини айтиб, эвазига маҳкумнинг турмуш ўртоғидан 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда адвокат олдиндан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Таъкидланишича, ушбу адвокат муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган бўлиб, бундан тўғри хулоса чиқармаган.
Унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эхтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







