“Чиқаётган газ аҳоли турар жойларидан узоқда ва таркиби зарарсиз”
Энергетика вазирлиги Мўйноқдаги фавқулодда ҳолат бўйича расмий баёнот берди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида жойлашган “Мўйноқ” газ конида олиб борилаётган бурғилаш ишлари вақтида чуқурлиги 4707 метрга етган 1-сонли қудуқдан газ чиқиши ҳолати юзага келди. Бу ҳақда расмий идоралар хабар берди.
Газ чиқиши аниқлангач, барча хавфсизлик чораларига амал қилинди ва қудуқни ликвидация қилиш hamда босимни назоратга олиш ишлари дарҳол бошлаб юборилди. Ишларни “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда тегишли ҳарбийлаштирилган бўлинмалар ҳамкорликда олиб бормоқда.
Энг муҳим жиҳат – мазкур қудуқ аҳоли пунктларидан узоқда жойлашган. Мутасадди мутахассисларнинг таъкидлашича, қудуқдан чиққан газ тоза метан бўлиб, унинг таркибида инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга хавф солувчи олтингугурт мавжуд эмас.
Ҳолат устидан тўлиқ назорат ўрнатилган. Газ назорат остида ёқилмоқда. Ишчи ходимлар хавфсизлиги таъминланган, тан жароҳати олганлар йўқ.
Тегишли хизматлар томонидан ҳолат бўйича мунтазам мониторинг олиб борилмоқда.








