"Ёрдам беришди, лекин кеч бўлганди" — Султонали Раҳматовнинг маъмури
Ўзбекистоннинг забардаст ижодкори, таниқли бастакор Султонали Раҳматов оғир касалликдан сўнг 55 ёшида вафот этди. Zamon.uz марҳумнинг яқинлари билан боғланди.

Кеча, 28 июль куни Ўзбекистоннинг забардаст ижодкори, таниқли бастакор Султонали Раҳматов оғир касалликдан сўнг 55 ёшида вафот этди. Бу оғир жудолик нафақат бастакорнинг яқинларини, балки унинг қалбларга сингиб кетган мусиқалари билан яшаган бутун ўзбек халқини қайғуга солди.
Хабарингиз бор, бир муддат аввал Zamon.uz оғир аҳволда ётган бастакорнинг яқинлари билан боғланган эди. 9 июль кунгги суҳбатда унда қандли диабет, жигар циррози ва буйракда сув йиғилиши касалликлари ташхиси қўйилгани ҳақида маълумот берилганди. Ўшанда, бастакорнинг маъмури оғир аҳволдаги “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”нинг ҳаётини сақлаб қолиш учун Маданият вазирлигидан ёрдам сўраганди. Куни кеча тарқалган совуқ хабар вақтида администратор Баҳром Ҳамидов zamon.uz билан яна боғланди. Унинг маълум қилишича, охирги чиқишдан сўнг, кўплаб саховатли инсонлар, шунингдек Маданият вазирлиги ҳам Султонали Раҳматов ҳолидан хабар олган, вазирлик кўмаги билан энг яхши шифокорлар жалб этилган. Бироқ, касаллик анча кучини кўрсатган, тўлиқ соғайиб кетиш учун кеч бўлган экан.
"Маданият вазирлиги томонидан ёрдам берилди, бир неча марта масъуллар келишди, энг яхши шифокорларни бириктиришди, аммо шифокорлар энди кеч бўлганини айтиб, беморни қайтариб юборишди. Сизларга ҳам раҳмат, бу ҳақда хабар қилганларингиздан сўнг жуда кўпчилик келди", - дейди марҳум бастакор Султонали Раҳматовнинг маъмури.
Маълум қилинишича, марҳумнинг жанозаси бугун, 29 июль куни пешинда "Чиғатой" масжидида бўлиб ўтади.
Zamon.uz таҳририяти марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.







