Қорақалпоғистонда юк машинаси йўловчи поезди билан тўқнашиб кетди
Юз берган тўқнашув ортидан поездда бўлган 150 йўловчи автобусларда манзилларига юборилди.

30 июль куни соат 16:09 атрофида Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида жойлашган “Бадай” ва “Беруний” темир йўл станциялари оралиғидаги 592-километрда темир йўл транспорти билан боғлиқ нохуш ҳолат қайд этилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, "КамАЗ" русумли юк автомобили ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасидан ўтмоқчи бўлган ва шу пайтда ҳаракатланиб келаётган йўловчи поезди билан тўқнашув содир бўлган.
Мазкур поезд Андижон – Қўнғирот йўналишида ҳаракатланаётган бўлиб, бортда 150 нафарга яқин йўловчи бўлган. ЙТҲ натижасида тепловоз релсдан чиқиб кетган, бироқ жабрланганлар қайд этилмаган.
Фавқулодда вазият ортидан барча йўловчилар 6 та махсус ажратилган автобус орқали Нукус ва Қўнғирот шаҳарлари томон жўнатилган. Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва Ички ишлар вазирлигининг тегишли тузилмалари томонидан ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Поезд техник кўрикдан сўнг соат 17:29 да ўз йўналиши бўйича ҳаракатини тиклаб, “Беруний” станциясига етиб борган.







