40 та ўзлаштирилган сўзга ўзбек тилидаги муқобил атамалар белгиланди
Фанлар академияси, тил институти ва мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилган ва омма билан муҳокама қилинган 40 та ўзбекча атама эндиликда расмий ҳужжатларга киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Терминология комиссияси томонидан давлат тилининг ифода имкониятларини кенгайтириш ва бегона лексик бирликлар таъсирини камайтиришга қаратилган навбатдаги тил сиёсати чора-тадбири доирасида 40 та ўзлаштирилган сўзга ўзбек тилидаги муқобил атамалар белгиланди.
Мазкур қарор тил соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давомидир ҳамда давлат тилини софлаштириш, унинг замонавий фан, таълим, техника ва ижтимоий ҳаётдаги қўлланилишини мустаҳкамлашга қаратилган.
Рўйхатда илгари немис, лотин, инглиз, франсуз, итальян, юнон ва рус тилларидан кириб келган сўзлар учун ўзбек тилидаги тушунарли ва фонетик жиҳатдан мос атамалар тавсия этилган. Хусусан:
“Светофор” сўзи ўрнига — йўлчироқ,
“Наждак” сўзи ўрнига — қумқоғоз,
“Вокзал” ўрнига — бекат,
“Магазин” ўрнига — дўкон каби сўзлар келтирилган.
Мазкур атамалар танлови Ўзбек тили институти ҳамда Давлат тилини ривожлантириш бошқармаси ҳамкорлигида, соҳага оид олимлар, филологлар, амалийотчилар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида олиб борилган очиқ муҳокамалар асосида ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Фанлар академияси ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, миллий тилимизнинг функционал салоҳияти ва халқаро миқёсда барқарор ривожланишини таъминлашда бу каби чора-тадбирлар муҳим роль ўйнашини қайд этди.
Янги рўйхат тегишли ташкилотлар ва ОАВлар орқали жамоатчиликка етказилади.







