Бу йил Ўзбекистонда 738 минг нафар бола 1-синфга қабул қилинади
Ҳозирга қадар 590 минг нафардан ортиқ бола рўйхатга олинган бўлиб, мактабларга Президент совғаларини етказиб бериш бошланди.

Бугун, 31 июль куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан янги ўқув йилига тайёргарлик ва 1-синф ўқувчиларига Президент совғаларини етказиш жараёнларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.

Янги 2025-2026 ўқув йилида республика бўйлаб 738 минг нафар бола 1-синфга қабул қилиниши кутилмоқда. Ҳозирга қадар 590 минг нафардан ортиқ бола рўйхатга олинган бўлиб, қабул жараёнлари 15 августгача давом этади.

Президент совғаси сифатида ҳар бир 1-синф ўқувчиси учун 12 номдаги ўқув қуроллари тайёрланди. Улар орасида ўқув сумкаси, дафтарлар, ручка, қаламлар, бўёқлар, пластилин, расм дафтари, ўчирғич, елим ва қаламдон мавжуд. Ушбу совғалар “Биринчи қўнғироқ” тадбирларида тантанали тарзда топширилади.
Ўқув қуролларининг сифати ва гигиеник талаблар асосида ишлаб чиқилгани, махсус сертификатлардан ўтгани ҳам алоҳида таъкидланди. Совғалар республиканинг барча ҳудудларига 1–10 август кунлари, мактабларга эса 10–20 август кунлари етказилади.

Мазкур пресс-тур давомида ўқув йили олдидан олиб борилаётган тайёргарлик, мактабларнинг техник ҳолати ва қабул жараёнларига оид муҳим маълумотлар иштирокчиларга тақдим этилди.







