Эндиликда хориждан қайтган фуқаролар ОИВ бўйича мажбурий тестдан ўтказилади
2024 йилда хориждан қайтган 1,7 млн фуқародан фақат 25 фоизи тестдан ўтган ва улардан 1,5 мингида ОИВ аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси маъқулланди.
Қонунда кўзда тутилишича, 3 ойдан ортиқ муддатда хорижда бўлган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга қайтгач, ОИВ инфекцияси (ОИТС) бўйича мажбурий тестдан ўтади.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу чоралар соғлиқни сақлаш тизимида юқумли касалликлар, хусусан, ОИВ инфекциясининг олдини олиш ва барвақт аниқлаш имконини беради.
Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда узоқ муддат хорижда бўлиб қайтган 1,7 миллион фуқародан атиги 430 минг нафари, яъни 25 фоизи, ихтиёрий равишда тест топширган. Улардан 1,5 минг нафарида ОИВ инфекцияси аниқланган.
Шунингдек, қонун лойиҳасида ОИВ ёки сил касаллигига чалинган шахслар ишлаши мумкин бўлмаган касблар рўйхатини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Мазкур рўйхат қонуний асосда тасдиқланади.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши нафақат профилактика, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур қонун Президент томонидан имзоланганидан сўнг қонуний кучга киради.







