Тошкент халқаро аэропорти назоратчиси пора билан ушланди
У 500 доллар олаётган вақтда ДХХ томонидан қўлга олинди.

Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жиноят-қидирув департаменти томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, Тошкент шаҳрида яшаувчи фуқаро ноқонуний ишга жойлаштириш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати бўйича қўлга олинди.
Аниқланишича, ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида фаолият юритувчи Авиация хавфсизлиги хизмати қўриқлаш бўлинмаси назоратчиси бўлиб, у Қўриқлаш бўлинмаси назоратчиси лавозимига танишлари орқали ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, бунинг эвазига фуқаро А.дан 500 АҚШ доллари талаб қилган.
Тадбир вақтида у ушбу миқдордаги пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Дастлабки тергов-суриштирув ҳаракатлари давомида, мазкур шахс бошқа фуқаролардан ҳам ишга жойлаштириш эвазига 500–1000 АҚШ доллари миқдорида пул олганини тан олди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (“Фирибгарлик”) ва 28,211-моддаси 1-қисми (“Пора беришда воситачилик қилиш”) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда ушбу жиноятга алоқадор бошқа жабрланган шахсларни аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.







