Умри Америкада ўтган Жўрақори Бўтакўз васиятига биноан Ўзбекистонда дафн этилди
Беш тилда эркин сўзлашган ижодкор “Ўткан кунлар” романини араб алифбосида чоп эттирган.

Ўзбекистоннинг забардаст ижодкори Журақори Бўтакўз АҚШнинг Виржиния штатида 99 ёшида вафот этди. Унинг дафн маросими ижодкорнинг ўз васиятига кўра Ўзбекистонда ўтказилди. Бўтакўз Туркиядаги ўзбеклар қабристонида ёки АҚШдаги мусулмонлар қабристонида дафн этилиши мумкин эди, бироқ у сўнгги манзили айнан она юрти бўлишини истади.
1926 йилда Андижон шаҳрида туғилган Журақори Бўтакўз 1930 йилларда оиласи билан Тожикистонга, кейинчалик Афғонистонга кўчиб кетган. 1950 йилларда Покистонда яшаган даврида урду тилини ўрганиш учун ҳар куни газета мутолаа қилган. Беш тилда эркин сўзлашган ижодкор "Бўтакўзнома", “Она тилимни деб”, “Булужустон эсдаликлари” каби асарлари билан танилган. "Бўтакўзнома"да у болалик чоғида Ватанини тарк этишга мажбур бўлгани ва бошидан кечирган синовларини ёзган.
Бўтакўзнинг Абдулла Қодирий ижодига бўлган ҳурмати алоҳида таъкидланади. 1960 йилларда хориждаги ўзбеклар учун “Ўткан кунлар” романини араб алифбосида Карачида чоп эттириши катта жасорат сифатида баҳоланади. Журналист ва сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлагановга кўра, марҳум Журақори Бўтакўз сўнгги йўлга Шерқон Қодирийнинг уйидан кузатилди. Ижодкор "Камолон" қабристонида, Абдулла Қодирийнинг рамзий қабри ёнига қўйилди.







