Тошкентда автомобиль томига чиқиб, ҳайдаб кетган шахс қўлга олинди
Маст фуқаро автотураргоҳдаги автомобиль томига чиқиб, зарар етказган ва уни ҳайдаб кетишга уринган. Ҳолат суд кўриб чиқишига топширилди.

9-август куни тахминан соат 08:00 да Тошкент шаҳри Бектемир туманида жойлашган савдо мажмуасининг автотурарғоҳида фуқаролик ҳуқуқбузарлиги содир этилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 1991 йилда туғилган Б.К. маст ҳолатда бўлгани сабабли мажмуа ҳудудига киритилмаган. Шундан сўнг у автотураргоҳ деворидан сакраб тушиб, танишига тегишли “ВАЗ-2108” русумли автомобилнинг том қисмига зарар етказган ва уни ҳудуд ичида ҳайдаган.
Тезкор чоралар натижасида фуқаро Б.К. ички ишлар ходимлари томонидан ушланган. Ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддаси (“Ўзбошимчалик”), 183-моддаси (“Майда безорилик”) ҳамда 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Тўпланган ҳужжатлар қонуний чоралар кўриш учун Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судига юборилди.







