Жомбойдаги “заправка”да 3 та машина ёниб кетди
Автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасидаги ёнғин оқибатида Kia Bongo, Damas ва Gentra русумли автомобиллар зарарланган.

Самарқанд вилояти, Жомбой туманида 10-август куни кечқурун автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасида ёнғин юз берди. Ҳодиса акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. ФВВ маълумотига кўра, “Шайман” МФЙ ҳудудида жойлашган шохобчада ёнғин ҳақида хабар соат 22:00 да келиб тушган.
Воқеа жойига 5 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Ёнғин соат 22:21 да қуршаб олиниб, 22:30 да бутунлай ўчирилган. Ҳодиса оқибатида Kia Bongo, Damas ва Gentra русумли автомобиллар зарарланган. Жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Айни пайтда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Муассасий органлар воқеа юзасидан текширув олиб бормоқда. ФВВ ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлигини яна бир бор эслатди.
Сўнгги кунларда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилди. 8-август куни Хоразм вилояти Урганч шаҳрида, 5-августда Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида заправка ҳудудида ёнғин ва портлашлар содир бўлди. 16-июл куни эса Кўкдаладаги газ тўлдириш станциясида чақнаш оқибатида 5 киши ҳалок бўлганди.







