“Кўкаламзорлаштириш мақсадида…” Қибрайда кесиб ташланган дарахтларга ҳокимлик бош-қош бўлган
“Ботаника” маҳалласида 1,5 млрд сўмлик ёпиқ футбол майдони ва яшил ҳудуд қурилиши доирасида қуриб қолган дарахтлар қонуний тартибда кесилди.

Ижтимоий тармоқларда Қибрай тумани “Ботаника” маҳалласидан дарахтлар кесилгани акс этган видеоматериал юзасидан туман ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилди.
Жорий йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи мавсумида маҳалла ёшлари таклифи билан, бўш ва қаровсиз қолган 34 сотих ер майдонида ободонлаштириш ишлари олиб бориш, кўкаламзор ҳудуд барпо этиш ва 20х40 метр ўлчамдаги ёпиқ, сунъий қопламали футбол майдони қуриш лойиҳаси 1 327 та овоз билан ғолиб деб топилди.
Лойиҳа доирасида 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий спорт иншооти барпо этилиши, атрофини кўкаламзорлаштириш ва сайр йўлаклари ташкил этилиши режалаштирилган. Ҳудудда қуриб қолган ва парваришлаб бўлмайдиган 3 туп гилос, 3 туп ўрик дарахти ҳамда 1 туп сирен бутаси (мораторий қўлланилмаган) туман Экология бўлими вакиллари иштирокида, Вазирлар Маҳкамасининг 464-сон қарорида белгиланган тартиб асосида кесилди.
Мазкур лойиҳа маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, ёшларни оммавий спорт турларига жалб этиш, “Яшил боғ” барпо этиш ҳамда аҳоли учун қулай, экологик тоза дам олиш ҳудуди яратишга қаратилган бўлиб, унда аҳолининг таклиф ва тавсиялари инобатга олинган.
Шунингдек, жараёнларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари иштирок этмаган, видеotasvirга олиш чоғида фуқароларга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ёки қонунга хилоф ҳаракатлар кузатилмагани маълум қилинди.







