Пойтахтда алимент ундирувига оид миқдор рекорди янгиланди
Oта 2,4 млрд. сўм миқдоридаги алимент пулларини олдиндан тўлади.

Бугун Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳри Учтепа туман бўлимида алимент ундириш билан боғлиқ рекорд миқдордаги тўлов амалга оширилди. Бу ҳақда Zamon.uz’га МИБ Ахборот хизмати хабар қилди.
Суднинг буйруғига мувофиқ, фуқаро Ш.Ж.дан вояга етмаган тўрт нафар фарзанди таъминоти учун фуқаро Ш.Д. фойдасига иш ҳақи ва бошқа даромадларининг ярми миқдорида алимент ундириш белгиланган эди.
Ижро ҳужжати асосида ижро иши қўзғатилиб, зарурий сўровномалар юборилди. Текширувлар натижасида қарздорнинг номида расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмади. Шундан сўнг, фуқаро Ш.Ж. фарзандлари вояга етгунига қадар бўлган муддат учун алиментни олдиндан ҳисоблаб беришни сўраб, ариза билан мурожаат қилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йил 1-августдан 2041 йил 1-апрелгача бўлган 16 йиллик давр учун алимент мажбурияти жами 2 миллиард 442 миллион 482 минг 580 сўмни ташкил этди.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор белгиланган маблағни тўлиқ тўлади ва у ундирувчи Ш.Д.га топширилди. Ундирувчининг розилигига асосан ижро ҳужжати амалда тамомланган деб ҳисобланди.







