Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Президентига туя ва бўталоқ ҳадя қилди
Ушбу совға дўстлик ва фаровонлик рамзи сифатида тақдим этилди.

22 август куни Туркманистонга амалга оширилаётган ташриф доирасида Президент Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслахати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳамда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Аваза” конгресс маркази ҳудудида бўлиб ўтган маданий дастурда иштирок этдилар.
Тадбир доирасида меҳмонларга “Галкиниш” миллий от спорти жамоаси томонидан машҳур “Ахалтекин” зотли отларнинг намойишлари тақдим этилди.
Шунингдек, Туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга дўстлик ва ҳурмат рамзи сифатида фаровонлик тимсоли бўлган туя ва унинг бўталоқчасини туҳфа қилди.








