Чирчиқда терговдан яшириниб юрган шахс қўлга олинди
Ҳуқуқбузар қўлга олиш вақтида қаршилик кўрсатиб, хизмат машинасига зарар етказган.

Чирчиқ шаҳрида 22 августдан 23 августга ўтар кечаси ички ишлар ходимлари томонидан терговдан яшириниб юрган фуқаро қўлга олинди. Ҳуқуқбузар ушлаш жараёнида фаол қаршилик кўрсатиб, хизмат машинасига зарар етказди.
Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа оқибатида ҳеч ким жароҳат олмади. Шахс ички ишлар бўлимига олиб келиниб, унга нисбатан илгари қўзғатилган жиноят иши доирасида ҳужжатлар расмийлаштирилди ва дастлабки тергов ҳаракатлари бошланди.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодисанинг рейд ёки махсус тадбир билан боғлиқ эмаслигини, у тунги навбатчилик вақтида содир бўлганини таъкидлади.







