Иордания подшоҳи “Боқий шаҳар” мажмуаси билан танишди
Самарқандда олий мартабали меҳмонларга миллий ҳунармандчилик ва санъат намуналари кўрсатилди.

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасига ташриф буюрди.
Ташриф давомида олий мартабали меҳмон халқимизнинг бой маданий мероси, миллий ҳунармандчилик ва амалий санъат намуналарини ўзида мужассам этган кўргазмаларни томоша қилди. Шунингдек, миллий рақс ва мусиқа жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди.
Мазкур мажмуа ҳудудида халқимиз тарихининг рамзлари, мамлакатимиз шаҳарларидаги диққатга сазовор жойларнинг меъморий нусхалари барпо этилган. Унда нафақат миллий анъаналар, балки Ўзбекистоннинг турли халқлар ва дўст мамлакатлар билан узоқ йиллик ҳамкорлик тарихи ҳам ўз аксини топган.
Мазмунан бой экспозициялар ва тарихий ҳамда бугунги кун уйғунлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Иордания саммитининг асосий тадбирлари, жумладан, олий даражадаги музокаралар 26 август куни бўлиб ўтади.







