Шавкат Мирзиёев Япония ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
Учрашувда стратегик шериклик масалалари, йирик инвестиция лойиҳалари ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни мамлакитимизга расмий ташриф билан келган Япония ташқи ишлар вазири Такеси Ивая бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Япония Бош вазири Шигеру Исибанинг самимий саломи ҳамда Ўзбекистон Мустақиллик байрами муносабати билан йўллаган табрикларини етказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Ўзаро мулоқотлар фаол йўлга қўйилгани ҳамда амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Шу муносабат билан бугун икки давлат ташқи ишлар вазирлари даражасида илк бор ўтказилган Стратегик мулоқот йиғилиши юқори баҳоланди.
Бугунги кунда икки томонлама савдо ҳажми ортиб бормоқда, Япония компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шунингдек, 17 август куни Осака шаҳрида “EXPO 2025” бутунжаҳон кўргазмаси доирасида ўтказилган Ўзбекистон миллий куни муваффақиятли ўтгани таъкидланди.
Учрашувда сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техника ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон-Япония маркази фаолиятини кенгайтириш ва келгусида унинг негизида Япония етакчи университетлари иштирокида қўшма университет ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, жумладан, “Марказий Осиё + Япония” форматдаги бўлажак саммитни ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.







