Тезликни оширган вазир жаримага тортилди
У тезликни 225 км/соатгача оширгани маълум бўлди.

Туркия транспорт вазири Абдулқодир Ўролўғли автомобилида тезликни оширгани учун жарима тўлади. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди.
Маълумотларга кўра, вазир автомашинани бошқараётганда тезлик меъёридан ошган. Воқеа ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлганидан сўнг, у полицияга ўзи мурожаат қилиб, жарима тўлаганини маълум қилди.
Ўролўғли Х ижтимоий тармоғида Анқара–Ниғде йўли бўйлаб сафар вақтидаги видеони эълон қилди. Унда автомобил тезлиги 225 км/соатга етгани кўринади, ҳолбуки қонун бўйича бу йўлда чеклов 140 км/соат.
Видеолавҳа тезда тарқалди ва йўл ҳаракати хавфсизлиги учун масъул амалдорнинг бундай хатти-ҳаракати кенг танқидга учради.
Ўролўғлининг айтишича, у шахсан полицияга бориб, қоидабузарликни тан олган ва 9267 лира (230 доллар) миқдорида жарима тўлаган. Шунингдек, у қонун барча учун тенг эканини, вазирлар ҳам истисно эмаслигини таъкидлади.







