Фарғонада Қирғизистондан ноқонуний олиб келинган 19 кг тилла буюмлар тўхтатиб қолинди
Уларнинг тахминий қиймати 20 млрд сўмни ташкил этади.

Давлат чегараларини қўриқлаш ва товар-моддий бойликлар контрабандасига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақида ДХХ Zamon.uz'га маълум қилди.
Қайд этилишича, Фарғона туманида яшовчи икки нафар фуқаро қўлга олиниб, улардан қўшни Қирғиз Республикасидан ноқонуний равишда давлат чегараси орқали мамлакатга олиб ўтилган тахминий қиймати 20 млрд сўмлик, умумий оғирлиги 19 кг 119 гр бўлган тилла заргарлик буюмлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда олинган далилий ашёлар экспертизага юборилиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.







