Шавкат Мирзиёев ШҲТ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этди
Ўзбекистон Президенти ушбу саммитда хавфсизлик, иқтисодиёт ва транспорт-логистика бўйича ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1-сентябрь куни Тяньцзинь шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Тадбирга Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзиньпин раислик қилди.
Саммитда ШҲТ доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, ташкилот фаолиятини такомиллаштириш истиқболлари ҳамда минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга масалалар муҳокама қилинди.
Хитой Раиси Си Сзиньпин Президент Шавкат Мирзиёев ва халқимизни Мустақиллик куни билан табриклаб, Ўзбекистоннинг изчил тараққиётини юқори баҳолади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида глобал ноаниқлик шароитида ШҲТ давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва бирдамликнинг муҳимлигини таъкидлади. У ташкилот фаолиятининг самарадорлигини ошириш, янги аъзоларни жалб қилиш, хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик, транспорт-логистика, яшил трансформация ва маданий алоқаларни кенгайтиришга оид қатор ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, ядровий хавфсизлик бўйича декларация қабул қилиш, “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳини қайта фаоллаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, “ШҲТ ягона транспорт макони” концепсиясини ишлаб чиқиш, “ШҲТ университети” онлайн кампусини яратиш, халқ ижоди фестиваллари, туризм ва тиббиёт соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш таклиф қилинди.
Саммит якунида Тяньцзинь декларацияси, ШҲТни 2035-йилгача ривожлантириш стратегияси ҳамда кўплаб муҳим кўп томонлама ҳужжатлар имзоланди.







