Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш кескин камайди
Ишлаб чиқариш ва импортнинг қисқариши кўплаб маҳсулотлар таннархига ҳам таъсир кўрсатиши айтилмоқда.

Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада қисқарди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–июнь ойларида 165,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 62 минг тоннага кам.
Сўнгги уч йил ичида шакар ишлаб чиқариш босқичма-босқич камайиб бормоқда: 2023 йилда 332,6 минг тонна, 2024 йилда эса 227,8 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган эди. Импорт ҳажмида ҳам пасайиш кузатилмоқда. 2025 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, мамлакатга 223,9 миллион долларлик шакар ва кондитер маҳсулотлари импорт қилинган — бу ўтган йилга нисбатан 25,9 фоиз кам.
Биржа маълумотларига кўра, 11–17 август кунлари 3 146 тонна шакар сотилган, кунлик ўртача савдо ҳажми эса 629 тоннани ташкил қилган. Шу даврда биржа нархлари 12 720–12 870 сўм атрофида бўлган. Мутахассислар ички бозор таъминоти қисқариши фонида нархларнинг ошиши, ноқонуний савдо ҳолатларининг кучайиши ва спекулятив нарх белгилаш хавфи борлигини таъкидлашмоқда.
Экспертларга кўра, ишлаб чиқариш ва импортнинг қисқариши қандолат, ичимлик, нон ва консервалар каби кўплаб маҳсулотлар таннархига ҳам таъсир кўрсатади. Бу эса озиқ-овқат бозорида нархларнинг ўсишига олиб келиши, бозорнинг импортга янада кўпроқ қарам бўлишига сабаб бўлиши мумкин.







