Шавкат Мирзиёев Пекинда ҳарбий парад маросимида иштирок этди
Тадбирга йигирмадан ортиқ давлат раҳбарлари ва делегациялари ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев 3 сентябрь куни Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи доирасида Пекин шаҳрининг марказий майдони – Тянанмэн майдонида бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон урушида Қозонилган Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали ҳарбий парад маросимида иштирок этди.
Мазкур тадбирга йигирмадан ортиқ давлат раҳбарлари ва расмий делегациялар, жумладан Россия, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон, Вьетнам, Миср ва бошқа мамлакатлар етакчилари ташриф буюрди.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпин ўз нутқида тарихий хотирани асраб-авайлаш, тинчликни мустаҳкамлаш ва адолатни таъминлаш бугунги шароитда долзарб вазифа эканини алоҳида таъкидлади.
Парадда Хитой халқ озодлик армиясининг 45 та бўлинмаси иштирок этиб, мамлакат мудофаа саноати томонидан ишлаб чиқарилган замонавий ракета тизимлари, зирҳли техникалар, ҳарбий авиация ва учувчисиз учиш аппаратларининг энг сўнгги намуналари намойиш қилинди.
Маълумот ўрнида, Пекинда бундай ҳарбий парадлар 1949 йилдан буён ўтказиб келинади. Охирги катта кўрик 2019 йил 1 октябрда ўтказилган бўлиб, унда 15 мингга яқин ҳарбий хизматчи қатнашган эди.
Ўзбекистон Президентининг Пекиндаги тантанали маросимда иштироки мамлакатимизнинг халқаро майдонда тинчлик, барқарор тараққиёт ва фаровонлик йўлида дўстлик, ҳамкорлик ҳамда ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қаратилган изчил ташқи сиёсатининг яққол тасдиғи бўлди.







