Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург губернатори Александр Бегловни қабул қилди
Учрашув якунида металлургия, фармацевтика, логистика ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон–Россия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, жумладан, Санкт-Петербург билан иқтисодий кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурлари муҳокама қилинди.
Ўтган йил якунларига кўра, ҳудудлар даражасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ошгани мамнуният билан қайд этилди. Тошкентда Ишбилармонлик маркази фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, Янги Тошкент ҳудудида “Петербург мавзеси”ни барпо этиш лойиҳаси устида ишлар олиб борилмоқда.
Учрашув доирасида металлургия, ускунасозлик, йўл қурилиши, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика ҳамда бошқа йўналишларда 23 та қўшма лойиҳа бўйича “йўл харитаси” имзоланди.
Шунингдек, хусусий тиббиёт, таълим, коммунал хўжалик, рақамли технологиялар, миграция ва туризм соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.
Томонлар фаол гуманитар алоқаларни давом эттириш, қўшма маданий тадбирларни мунтазам ўтказишга алоҳида эътибор қаратдилар. Шу билан бирга, жорий йилнинг октябрь ойида икки мамлакат ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилишини самарали ўтказишга доир чора-тадбирлар келишиб олинди.







