Ўзбекистон ва Финляндия ўртасида 1 миллиард евролик лойиҳалар портфели шакллантирилди
Кўксаройда Шавкат Мирзиёев ва Финляндия президенти Александр Стубб ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда ики давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар давомида турли даражали сиёсий мулоқотларнинг жадал ривожланиши ва бизнес-шерикликнинг фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Иккала томон ўзаро савдо ҳажмининг изчил ўсиши ва иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишини таъкидладилар. Ҳамкорликнинг амалий натижалари сифатида мамлакатимизда Халқаро Нордик университетининг муваффақиятли фаолияти ва мактаб таълими соҳасидаги қўшма дастурлар мисол қилиб келтирилди. Яқинда ўтказилган Ўзбекистон – Финляндия бизнес-форуми япилиш маросимида умумий қиймати 1 миллиард евродан зиёд бўлган истиқболли қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилгани эълон қилинди.
Муҳокамаларда, шунингдек, товар айирбошлашни каррасига ошириш мақсадида Савдни молиялаштириш қўшма жамғармасини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини Европа Иттифоқи бозорларига олиб чиқиш учун сертификатлаш лабораторияларини очиш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Геология, энергетика, агросаноат, рақамлаштириш, сунъий интеллект, экология ва туризм каби бир қатор муҳим соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида аҳамият берилди.
2026 йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва Ишбилармонлар кенташини таъсис этиш тўғрисида келишувларга эришилди. Таълим, тиббиёт ва меҳнат миграцияси соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилиб, келгуси йилда биринчи Ректорлар ва инновациялар форумини ўтказиш режалаштирилган. Президентлар, шунингдек, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича ўзаро фикр алмашдилар.








