ЮНЕСКО тузилмасида Рақамли мерос халқаро институтини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди
Ўзбекистон Президенти шунингдек, 2027-йилда Бухорода ЮНЕСКОнинг ижодий шаҳарлар тармоғи доирасида Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати бўйича халқаро конгресс ўтказишни таклиф этди.

Ўзбекистон Президенти ЮНЕСКО доирасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
30 октабр куни Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференцияси 43-сессиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари анжуман иштирокчиларини, жумладан, Сербия Президенти Александр Вучич, Словакия Президенти Петер Пеллегрини, ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле ҳамда хорижий ҳукуматлар раҳбарлари ва делегацияларни меҳмондўст Ўзбекистон заминида самимий қутлади.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу сессиянинг сўнгги 40 йилда биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳидан ташқарида ўтказилаётганини таъкидлаб, буни аъзо давлатларнинг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодаси деб баҳолади. У ЮНЕСКОнинг таълим, фан, маданият ва ахборот соҳаларида глобал ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ортиб бораётган ролини қайд этди.
Самарқанднинг маданиятлар, цивилизациялар чорраҳасида жойлашгани ва инсоният тарихига гуманистик ғоялар маркази сифатида киргани таъкидланиб, анжуман шу шаҳарда ўтказилаётганида чуқур рамзий маъно борлиги урғуланди.
Давлатимиз раҳбари геосиёсий кескинлик, ҳарбий низолар маданий меросга зиён етказаётгани ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланишдаги тафовут глобал тенгсизликни кучайтираётганини қайд этди. Бундай мураккаб шароитда бирдамликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг эзгу мақсадларига содиқлигини ва Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида конструктив ҳамкорлик кўприги бўлиб хизмат қилишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзбекистон ЮНЕСКО билан 2027 йилгача мўлжалланган беш йиллик ҳамкорлик дастурини амалга оширмоқда. Бугунги кунгача Ўзбекистоннинг йигирмага яқин номоддий мероси ЮНЕСКО эътирофига сазовор бўлган.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ЮНЕСКО фаолиятининг асосий йўналишларини ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди:
Таълим ва Сунъий Интеллект:
- Алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини яратиш.
- Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш.
- ЮНЕСКО шафелигида “Сунъий интеллект – мактаб” пилот лойиҳасини амалга ошириш ва Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар форумини ташкил этиш.
Номоддий ва Рақамли Мерос:
- 19-ноябр санасини Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш.
- ЮНЕСКО тузилмасида Рақамли мерос халқаро институтини ташкил этиш.
- 2027-йилда Бухорода ЮНЕСКОнинг ижодий шаҳарлар тармоғи доирасида Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати бўйича халқаро конгресс ўтказиш.
Гендер тенглик ва хотин-қизларнинг етакчилиги:
- ЮНЕСКОнинг Хотин-қизлар етакчилиги академиясини ташкил этиш.
- Самарқандда Таълим, маданият ва илм-фан соҳаларидаги хотин-қизларнинг глобал форумини ўтказиш.
Иқлим ўзгариши ва маданий мерос:
- “ЮНЕСКОнинг экологик пойтахти” глобал ташаббусини таъсис этиш.
- ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш тўғрисидаги резолюциясини ишлаб чиқиш (Хивада халқаро симпозиум ўтказишга тайёрлик билдирилди).
Медиасаводхонлик ва ахборот макони:
- Болалар маданий контенти халқаро фестивалини ўтказиш.
- ЮНЕСКОнинг медиасаводхонликни ривожлантириш бўйича комплекс стратегиясини ишлаб чиқиш.
Динлараро ҳамжиҳатлик:
Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий каби илмий-тадқиқот марказлари салоҳиятидан Ислом маданияти ва маърифатини бутун дунёда тараннум этиш мақсадида фаол фойдаланиш.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу форум ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, ўзаро ишонч ва глобал шерикликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлишига ишонч билдирди.
“ЮНЕСКОнинг боқий анъана ва қадриятларидан куч олаётган “Самарқанд руҳи” умумий тараққиёт сари янада бирлашишга ундайди,” – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Анжуман очилиш маросими якунида Ўзбекистон ва хориж санъат усталари томонидан тайёрланган, ўзбек мумтоз куй-қўшиқлари ва жаҳон мусиқасининг сара асарлари замонавий талқинда янграган концерт дастури намойиш этилди. Бу тадбир Ўзбекистоннинг юксак халқаро нуфузини ҳамда цивилизациялар мулоқотини ривожлантиришга қўшаётган муҳим ҳиссасини яна бир бор тасдиқлади.







