Тошкентда 15–16 ноябрь кунлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ўтказилади
Саммитда минтақа етакчилари ва БМТ вакили иштирок этади.

15–16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Йиғилишга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилади.
Саммитда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ҳамда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе иштирок этади.
Кун тартибидан минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш, устувор йўналишларда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суриш, шунингдек, Марказий Осиё ва халқаро сиёсатдаги долзарб масалалар бўйича фикр алмашиш ўрин олган.
Учрашув якунида кўп томонлама ҳужжатларнинг муҳим тўплами қабул қилиниши кутилмоқда.
Мазкур форматдаги мунтазам учрашувлар ўтказиш ташаббуси илк бор 2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон етакчиси томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди. Ўзбекистоннинг раислиги давомида ҳамкорликнинг турли йўналишларига оид 20 дан ортиқ йирик тадбирлар ташкил этилди.








