Тошкентда 31 ёшли эркакнинг бурун операцияси вақтида вафот этиши ортидан клиника фаолияти тўхтатилди
Бош прокуратуранинг Zamon.uz'гa маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши очилган.

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Олмазор туманида жойлашган “Иботов” хусусий тиббиёт муассасасида 31 ёшли эркак ўтказилган бурун операцияси чоғида вафот этди. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда zamon.uz'ga Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 29 ноябрь куни мазкур клиника шифокорларига нисбатан Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши очилган.
Шунингдек, Олмазор тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлимининг тегишли қарорига мувофиқ, хусусий клиника фаолияти вақтинча тўхтатилди.
“Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, — дейилади расмий ахборотда.
Zamon.uz ҳодисага янада ойдинлик киритиш мақсадида марҳумнинг яқинлари билан учрашди ва клиникада бўлди. Тез орада Zamon.uz'ning YouTube саҳифасида ҳодиса бўйича батафсил репортаж эълон қилинади.







