Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича Россия билан музокараларни якунлади
Томонлар бозорга кириш бўйича протокол имзоладилар.

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни доирасида Россия Федерацияси билан икки томонлама музокараларни муваффақиятли якунлади. Бу ҳақда Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов маълум қилди.
21 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербург шаҳрига ташрифи доирасида товарлар ва хизматлар бозорига кириш масалалари бўйича музокараларни якунловчи тегишли протокол имзоланди.
Қайд этилишича, музокаралар изчил, мазмунли ва конструктив руҳда ўтказилиб, ижобий натижа билан якунланган.
Азизбек Уруновнинг таъкидлашича, ҳозирда асосий эътибор кўп томонлама музокараларни якунлаш, ЖСТ талабларига мувофиқ қонунчиликдаги зарур ўзгаришларни амалга ошириш ҳамда келгуси йилда аъзолик жараёнини муваффақиятли якунлашга қаратилган.







