Ўзбекистон

Ўзбек жамоатчилиги Соловёв гапларига кескин жавоб қайтаришни талаб қилмоқда. Аммо Ўзбекистон ТИВ ҳамон сукутда

Жамоатчилик фаоллари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга нота берилиши кераклигини айтишмоқда.

Ўзбек жамоатчилиги Соловёв гапларига кескин жавоб қайтаришни талаб қилмоқда. Аммо Ўзбекистон ТИВ ҳамон сукутда

 

Россиялик телебошловчи Валдимир Соловёв Москвани Марказий Осиё ва Арманистонга “махсус ҳарбий операция” ўтказишга чақирди. Шундан сўнг Россиянинг Арманистондаги Сергей Копиркин Арманистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва Соловёвнинг баёнотлари юзасидан унга норозилик нотаси юборилди. Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қарийб икки суткадан буён сукутда. Вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов zamon.uz’га бу ҳақда тез орада расмий изоҳ берилишини маълум қилди. 

 

Телебошловчининг баёнотларидан сўнг, бутун Марказий Осиё ва Арманистон аҳолиси томонидан кескин норозилик сифатида қабул қилинди. Ўзбек жамоат фаоллари ўз муносабатларини билдириш билан бирга, Россиянинг Ўзбекистондаги элчисига норозилик нотасини юбориш зарурлигини айтмоқда.

 

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродовнинг Соловёвнинг гапларига тупуриб қўйиш етарли эканини айтди

 

     

 

“Халқаро ҳуқуққа тупуришни таклиф қилган бу нусха минтақамизни ўзининг империяча доктриналарига киритишни таклиф қилибди. Замон ўзгарди. Халқлар тақдири телестудиялардаги бақир-чақирлар ёки “катта оғалар”нинг кўрсатмаси билан ҳал қилинадиган даврлар тарих ахлатхонасига кетганига анча бўлди. Сарҳадларимиз — бизнинг ор-номусимиз. Мустақиллигимизга бўлган ҳар қандай таҳдид «итоаткорлик» билан эмас, миллатимизнинг бирдамликдаги қатъий зарбаси билан қарши олинади. Бундай провокациялар фақат ва фақат қўшниларни душманга айлантиради. Бизда ўз уйимизни ҳимоя қилиш учун ирода ҳам, ресурс ҳам, жасорат ҳам етарли!”, — деди у.

 

Иқтисодчи Отабек Бакиров Соловёвнинг гапларини қиморбозлардан калтак еб, афти мажақланган муштумзўр аламини тинч кетаётганлардан олаётганга ўхшатди.  Шунингдек, у минтақа мамлакатлари камида биргаликда Россияга нота бериш кераклигини ёзмоқда.

 

     

 

“Сурия ва Венесуэладан тепилганларнинг пропагандачиси минтақамизга таҳдид қиляпти. Бу худди қиморбозлардан калтак еб, афти мажақланган муштумзўр ўз йўлида тинч кетаётганларга дағдаға қилишига ўхшайди... Бу моховлар уч кун қор ёғганди, қорини курай олишмай ётишибди. Дағдағасига ўласанми? Ўзинг ҳар йили миллион уруғинг қуриб ахлатингга ботаётган бўлсанг, ҳар йили 2 миллионга ўсаётган 85 миллионлик Марказий Осиёга дўқ уришингга бало борми?”, — дея ёзади у.

 

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг фикрича, рус ҳукумати хоҳлаётган гапларни қўштирноқ ичидаги  жамоат фаоллари тилидан айттиришади. Яъни бу тасодифан айтиладиган гаплар эмас. Ҳуқуқшуносга кўра, бундай гаплар Кремлда ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинган ва кейин пастга туширилган тезислар бўлиш эҳтимоли катта.

 

     

 

“Бу орқали Россия ҳукумати жамоатчилик реакциясини кузатади, жа дўппи тор келса, бу ўзининг шахсий фикри, бизга алоқаси йўқ, деган шаблон гап билан қутилади”, —дея тушунтирди у.

 

Ҳуқуқшунос шунингдек, Ўзбекистоннинг конституциявий тузуми ва суверенитетига қарши гапирган хорижликларни нима учун “персона нон грата” деб эълон қилмаслигимиз керак, деган савол билан юзланди.

 

“Ташқи ишлар вазирлиги бу борада алоҳида баёнот бериши, Россия элчисини зудлик билан чақиртириши ва Соловёв фикрларига изоҳ талаб қилиши керак. Фақат ўтган сафар Заҳар Прилепиннинг гапидан кейин рус элчисини 'таклиф қилганимизʼ каби шарманда бўлмайлик. Элчилар бунақа ҳолатда таклиф қилинмайди, чақиртирилади!”, —дея эслатиб ўтди у.

 

“Уйғонайлик, халойиқ, уйғонайлик! Кўзимизни каттароқ очайлик. Ватанимиз мустақиллигини ҳимоя қилиш учун ақлимизни ишлатайлик. Агар ҳозир ақлимизни ишлатмасак, эртага Ватан ҳимояси учун қурол ишлатишга мажбур бўлиб қоламиз”, — деди Хушнудбек Худойбердиев.

 

Ўзбекистон миллий медиа бирлашмаси Кузатув кенгаши раиси, ЎзЖОКУ ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа қуйидагича Соловёвнинг оғзидан чиққан “бизнинг Осиё” атамаси тасодифан унинг оғзидан чиқмаганига урғу бермоқда.  

 

           

 

“Владимир Соловёв тўғридан-тўғри эфирда аввал қоғозга ўраб келинган нарсани очиқ айтди: халқаро ҳуқуқни инкор этиш мумкин, суверенитет — шунчаки расмий атама, бошқа давлатлар эса бемалол 'таъсир доирасиʼ деб эълон қилиниши мумкин. 'Бизнинг Осиё' деган формула тасодифий оғиздан чиққан сўз эмас, балки давлатларни объектга, чегараларни эса тўсиққа айлантирадиган соф мустамлакачилик тили. Яна бир жиҳати айниқса ибратли: худди шу инсон бир пайтлар Украинага ҳужум қилиш — жиноят ва ҳалокатга олиб борувчи йўл эканини очиқ айтган эди. Бугун эса ўша «жиноят» ҳеч иккиланмасдан «зарурат» деб қайта ёзилмоқда. Тушунтиришга ҳожати қолмаган пропаганда ана шундай ишлайди: у ўз хотирасини ўчиради, томошабиндан ҳам шунга қўшилишни талаб қилади”, —деди у.

 

Унинг сўзларига кўра,​ “катта сиёсатда овоз чиқариб айтилган фикр — энди фалсафа эмас. Бу — амалга оширилиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг репетицияси”.

 

“Бу энди на баҳс, на таҳлил. Бу — урушни сиёсатнинг мақбул воситаси сифатида нормаллаштиришдир. Украина — претседентга айланди, Марказий Осиё — овоз чиқариб айтилган хаёллар объекти, 'таъсир доирасиʼ эса хавфсизлик ҳақидаги сўзлар ортига яширилган ҳар қандай зўравонликни оқлаш учун универсал баҳонага айланмоқда. Экран орқали 'ҳуқуққа тупурамизʼ деб айтилганда, гап риторика ҳақида кетмаяпти. Гап — ният ҳақида”, — деди профессор.

 

Унинг қайд этишича, тарих бундай баёнотларни ҳиссиёт сифатида эмас, балки далил сифатида қайд этади.

 

Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ эса Соловёвнинг чиқиши олдиндан кутилганини қайд этди

 

     

 

“Пропагандист Владимир Соловёвнинг Марказий Осиё давлатларига махсус ҳарбий операция ўтказиш ҳақидаги гапларини кутилмаган дейдиган бўлсак, камида соддалик қилган бўламиз. Уларнинг сўз ҳарорати бунга ишора қилаётган эди. Агар улар махсус ҳарбий операция ҳақида гапираётган экан, демак, унга тайёргарлик кўрилган. Биз учун энг муҳим масала мана шу жойда: руслар 'ташрифи учунʼ тайёрланиши мумкин бўлган мафкуравий гулдастанинг моҳияти нимадан иборат, деган савол ва унга қарши туриш асосий масала ҳисобланади”, — деди у.

 

Эслатиб ўтамиз, рус пропагандист Владимир Соловёвнинг гаплари ижтимоий тармоқларга тарқалганидан сўнг zamon.uz унинг гапларига қарши дастлаб фикр билдирган жамоатчилик фаолларининг фикрини бир жойга жамлаб zamon.uz'нинг YouTube саҳифасида видео қилган эди.

 

 

                                                                                                                              Шоҳжаҳон Мажидов

custom img

Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудларни алмашиш бўйича кейинги қадамларни келишиб олди

Ҳудудларни алмашиш бўйича келишувларни амалга ошириш учун қўшма ишчи гуруҳ тузди. Гуруҳ аҳоли фуқаролиги, кўчириш, мулкий ҳуқуқлар, ердан фойдаланиш ва ижтимоий ҳимоя масалаларини ҳал қилади.

custom img

Хоразм вилоятида 176 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилди

Янги лойиҳаларни ишга тушириш маросими Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтди.

custom img

Хивада Ляонин педагогика университети филиали очилди

Мажмуани қуриш ва жиҳозлаш учун давлат бюджетидан 140 миллиард сўм ажратилган бўлиб, бу ерда 120 та янги иш ўрни яратилган.

custom img

Ўзбекистон ва Туркия журналистлари медиа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Томонлар журналистлар малакасини ошириш, рақамли медиа, сунъий интеллект ва замонавий технологиялар бўйича қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди.

custom img

“Одил судлов – 2030”: суд тизимида янги ислоҳотлар босқичи

2027–2030 йилларда барча туман ва шаҳарларда фуқаролик ишлари бўйича судлар ташкил этилади.

custom img

Урганч аэропортидан Хивага қатнов вақти 40 дақиқагача қисқаради

Давлат раҳбари янги электропоездда Хива шаҳрига келди.

custom img

Ёшлар замонавий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади

Президент Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ва Касблар шаҳарчаси фаолияти билан танишди.

custom img

Томди туман суди раиси лавозимига мажбуран тайинлангани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Судьялар олий кенгаши унинг тайинлови ЙТҲ билан боғлиқ экани ҳақидаги тахминларни асоссиз деб атади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"