Тошкентда Spark ва BYD тўқнашувида ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, пиёдани уриб юборди
Жабрланувчига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 10 апрель куни соат 13:50 атрофида ТХАЙ–Қумариқ кўчалари кесишган чорраҳада 2001 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги «Spark» русумли автомобиль 1973 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги «BYD» русумли транспорт воситаси билан тўқнашган.
Тўқнашув оқибатида «BYD» ҳайдовчиси руль бошқарувини йўқотиб, пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган фуқарони уриб юборган.
Ҳодиса натижасида жабрланган пиёдага воқеа жойида тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.








