Эбола эпидемияси: Конгода қурбонлар сони 6 мингдан ошди
Бу мамлакат тарихидаги энг йирик Эбола эпидемияси ҳисобланади.

Конго Демократик Республикасида Эбола эпидемияси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 6025 нафарга етди. Мамлакатнинг саккизта провинциясида 12254 та касалланиш ҳолати тасдиқланган.
Ҳукумат маълумотларига кўра, 15 май куни эълон қилинган эпидемиянинг ушбу босқичи мамлакат тарихидаги энг йирик Эбола эпидемиясига айланган. Жаҳон миқёсида эса у 2014–2016 йиллардаги Ғарбий Африка эпидемиясидан кейин иккинчи энг кўп қурбон берган эпидемия ҳисобланади. Ўша даврда Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леонеда 11 мингдан ортиқ киши вафот этган.
Касалланиш ҳолатларининг аксарияти қуролли тўқнашувлар давом этаётган Итури ва Шимолий Киву провинцияларида қайд этилган. Reuters агентлигининг сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига кўра, қурбонларнинг ҳақиқий сони расмий кўрсаткичдан анча юқори бўлиши мумкин.
Тасдиқланган касалланиш ҳолатларининг қарийб ярми ўлим билан якунланган. Бунга беморларнинг тиббий ёрдамга кеч мурожаат қилиши ёки тиббиёт муассасаларига умуман бормаслиги сабаб бўлмоқда. Ўлим ҳолатларининг 60 фоиздан ортиғи даволаш марказларидан ташқарида қайд этилган.
«Чегара билмас шифокорлар» ташкилотининг мамлакатдаги Эбола эпидемиясига қарши кураш координатори Анна Хелфорднинг Al Jazeera нашрига айтишича, қуролли можаролар тиббий воситаларни етказиб бериш ва касалланганларни аниқлаш ишларини қийинлаштирмоқда.
Уганда, Кения ва Нигерияда ҳам касалланиш ҳолатлари аниқланган. Африка Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари (Africa CDC) раҳбари Жан Касея эпидемияни қитъа тарихидаги географик жиҳатдан энг кенг тарқалган эпидемия деб атаган.
Эпидемияга сабаб бўлган Бундибугё вируси штаммига қарши ҳозирча тасдиқланган вакцина ёки махсус даволаш усули мавжуд эмас. Шунга қарамай, бир нечта вакцина номзоди ишлаб чиқилмоқда.
Хусусан, Уганда жума куни АҚШнинг Moderna компанияси томонидан яратилган экспериментал вакцина синовларини бошлади. Иккинчи вакцина номзоди — Оксфорд университети ва Ҳиндистоннинг Serum Institute институти ҳамкорлигида ишлаб чиқилган препаратнинг клиник синовлари эса душанба куни Конго Демократик Республикасида бошланиши кутилмоқда.
Кам даромадли мамлакатларга вакциналар етказиб беришда ёрдам берувчи Гави халқаро альянси иккинчи вакцинанинг 1,5 миллион дозасини сотиб олиш мажбуриятини олган. Синовлар муваффақиятли якунланиб, тегишли соғлиқни сақлаш органлари ундан фойдаланишни маъқулласа, вакцина аҳолига етказиб берилиши мумкин.







