Ўзбекистон

WOSCU ва Ислом цивилизацияси маркази Буюк Британиядан йўқолган меросни қайтаришга эришди

Қайтарилган буюмлар орасида Марказий Осиё тарихининг турли даврларига оид ўнта бебаҳо артефакт бор. Улар орасида Кушонлар даври маданияти, қадимги Термиз, буддавий санъат анъаналари ва Суғд мероси билан боғлиқ топилмалар мавжуд. Айрим ашёлар милодий II–VIII асрларга тегишли.

WOSCU ва Ислом цивилизацияси маркази Буюк Британиядан йўқолган меросни қайтаришга эришди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU), Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ), ўғирланган, йўқолган ва ноқонуний олиб чиқилган санъат асарлари, антиквариат ва маданий бойликларни қидириш билан шуғулланувчи халқаро ихтисослашган компания — Art Loss Register, Metropolitan Police Service, Британиянинг тегишли тузилмалари ҳамда халқаро экспертлар ҳамкорлигида Ўзбекистонга жаҳон аҳамиятига эга нодир ва ноёб шедеврлар қайтарилмоқда.

 

Лондонда, Ўзбекистоннинг Элчихонасида буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган “Буюк Темурийлар тарихи ва маданий мероси” мавзусида халқаро медиа-тадбир бўлиб ўтди. Унда етакчи британ ва хорижий тарихчилар, шарқшунослар, дипломатик корпус вакиллари, илмий жамоатчилик, маданий доиралар ва халқаро ташкилотлар иштирок этди. Кеча давомида Амир Темур шахсияти, унинг жаҳон тарихидаги ўрни, Темурийлар даври ютуқлари, шунингдек Ўзбекистонда тарихий меросни асрашга қаратилган замонавий ташаббуслар ҳақида махсус материаллар тақдим этилди. Тадбирнинг алоҳида воқеаси сифатида жаҳон миқёсидаги машҳур британ актёри сэр Бен Кингсли иштирокида яратилган “Темурийлар олтин даври” номли янги қисқаметражли фильм премьераси намойиш этилди.

 

WOSCU томонидан “Ўзбекистон маданий мероси Жаҳон тўпламларида” туркуми доирасида тайёрланган янги нашр — Фируза Мелвилнинг Кембриж университети кутубхоналаридаги Марказий Осиё қўлёзма меросига бағишланган китоби тақдимоти ҳам катта қизиқиш уйғотди.

 

Тадбирнинг энг муҳим қисми Ўзбекистонга маданий бойликларни қайтариш маросими бўлиб, у иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Қайтарилган буюмлар орасида Марказий Осиё тарихининг турли даврларига оид ўнта бебаҳо артефакт бор. Улар орасида Кушонлар даври маданияти, қадимги Термиз, буддавий санъат анъаналари ва Суғд мероси билан боғлиқ топилмалар мавжуд. Айрим ашёлар милодий II–VIII асрларга тегишли. Шунингдек, қайтарилган мерос орасида подшоҳлик шахсига тегишли бўлган ноёб темурийлар даври кенотафи ҳам бор.

 

 

Аввало, ушбу улкан ташаббус ва стратегик аҳамиятга эга ғоя муаллифи — муҳтарам Президентимизга маданий меросимизни асраб-авайлаш, уни излаб топиш ва Ватанимизга қайтаришга қаратилган беқиёс аҳамиятга эга дастурни изчил ва самарали амалга ошираётганлари учун чуқур миннатдорлик изҳор этамиз.

Тарихий артефактларни қайтариш бир неча ой давом этган кенг қамровли ва мураккаб халқаро ҳамкорлик натижаси бўлди. Бу жараёнда турли мамлакатлардан ўнлаб мутахассислар, экспертлар, ҳуқуқшунослар, санъатшунослар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирок этди. Қайтариш ишлари мазкур ашёлар Ўзбекистон ҳудудидан келиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот тушгандан сўнг бошланди. Кейинчалик хорижий мутахассислар, WOSCU аъзолари, санъат тарихи бўйича олимлар ва маданий мерос экспертлари иштирокида халқаро ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Шу билан бирга, мазкур хайрли ва масъулиятли жараёнда фаол иштирок этиб келаётган Ўзбекистон Божхона қўмитасига алоҳида ташаккур билдирамиз. Хусусан, халқаро ҳамкорлик доирасида ЕХҲТ, Art Loss Register, Metropolitan полицияси, шунингдек, Британиянинг тегишли давлат тузилмалари, нуфузли халқаро экспертлар ва барча шерик ташкилотларнинг ҳиссаси юксак эътирофга лойиқ.

Ушбу ҳамкорлик нафақат миллий маданий меросимизни тиклаш, балки унинг жаҳон миқёсидаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз, — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU бошқарув раиси Фирдавс Абдухолиқов.

 

Қайтариш жараёнида WOSCU ҳал қилувчи ўрин тутди. У сўнгги йилларда Ўзбекистон маданий меросини хорижий тўпламлардан излаш, ўрганиш ва қайтариш бўйича энг самарали халқаро механизмлардан бирига айланди.

 

Буюк Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун маданий бойликларни қонуний эгасига қайтариш ноқонуний айланмага қарши курашда муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Биз бугун ушбу маданий бойликларни Ўзбекистон халқига топшириш имконига эга бўлганимиздан фахрланамиз. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маданият, тарихий хотира ва миллий меросни қайтариш масалаларига қаратаётган юксак эътиборини кўриб турибмиз. Бу каби ташаббуслар учун муҳим шароит яратади ва турли мамлакатларни эзгу мақсад йўлида бирлаштиради, — деди иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими раҳбари, детектив-суперинтендант Керри Вуд.

 

 

Мутахассислар баҳосига кўра, қайтарилган объектлар орасида милодий II–V асрларга тегишли бўлган гипс ва терракотадан ишланган ҳайкал бошлари алоҳида аҳамиятга эга. Бундай асарлар Кушонлар даври маданияти ва қадимги Термизнинг буддавий санъат марказлари — Қоратепа, Фаёзтепа ва Далверзинтепага хосдир. Шунингдек, қадимий деворий расмлар парчалари ҳам катта қизиқиш уйғотади. Уларнинг айримлари VII–VIII асрларга оид суғдий анъаналар ёки Ўзбекистон жанубидаги янада қадимий монументал мактаблар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

 

Қайтарилган буюмлар ўта катта тарихий ва илмий аҳамиятга эга. Улар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудининг турли даврларига тегишли бўлиб, Марказий Осиёда асрлар давомида кечган цивилизацион жараёнларни акс эттиради, — деди Ўзбекистон Республикаси Антропология институти директори, доктор Фарҳод Мақсудов.

 

Тошкентга келтирилгандан сўнг, ушбу ашёлар қўшимча атрибуция, реставрация текшируви ва илмий тавсифдан ўтказилади. Бу уларни халқаро илмий муомалага киритиш ва Ўзбекистон тарихий хотирасининг қайтарилган қисми сифатида кенг жамоатчиликка илк бор намойиш этиш имконини беради.

 

Маросим доирасида расмий ҳужжатлар имзоланди ва қайтарилган маданий бойликларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига қонуний топширишни тасдиқловчи сертификатлар алмашилди. Бу воқеа халқаро ҳамкорлик, тарихий адолатни тиклаш ва бебаҳо реликвияларни ўз Ватанига қайтаришнинг муҳим рамзи бўлди.

 

Бу воқеа янги босқичнинг бошланиши бўлиши мумкин: Лондондан сўнг Ўзбекистондан чиққан ашёлар сақланаётган бошқа мамлакатларда ҳам шундай жараёнлар кузатилиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай мисоллар халқаро ҳамкорлик ва маданий меросга масъулиятли муносабат тарихий адолатни тиклашга хизмат қилишини кўрсатади, — деди Art Loss Register раиси Жеймс Ратклифф.

 

Ушбу воқеа халқаро ҳамкорлик, ишонч, ҳуқуқий масъулият ва тарихий адолатни тиклашнинг муҳим тимсолига айланиши кутилмоқда.

custom img

Андижондаги ёғоч омборида ёнғин чиқди

Андижон туманида содир бўлган ёнғин қарийб икки соат ичида бартараф этилди.

custom img

Блогер Гонзо фестивалдаги жанжал сабаб 5 суткага қамалди ва жаримага тортилди

Блогер K-Vibe фестивали қатнашчиларини уларнинг эътирозларига қарамай видеога олган ва тасвирларни интернетда тарқатган.

custom img

Хориждаги нуфузли олийгоҳларни тугатганлар маошига қўшимча устама тўланади

Қўшимча тўловлар бакалавриат, магистратура ва PhD даражаларига эга мутахассислар учун белгиланган бўлиб, уч йилгача муддат давомида ажратилади.

custom img

Томскдаги колонияда сақланаётган ўзбекистонликлар ҳолидан хабар олинди

Мазкур муассасада 70 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси жазо муддатини ўтамоқда.

custom img

Тошкентда итлар шафқатсизларча ўлдирилди

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

custom img

Тошкентда рақамли одил судлов ва инсон ҳуқуқлари масалалари муҳокама қилинди

Пойтахтда “Рақамли одил судлов ва адолатли суд муҳокамаси ҳуқуқи: технологик трансформация даврида инсон ҳуқуқлари” мавзусида очиқ маъруза бўлиб ўтди.

custom img

Ўзбекистонда эски автомобилларни утилизацияга топширмаганлар жарима тўлайди

Ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ вақт бўлган автомобиллар эгаларидан бозор нархида харид қилиниб, утилизацияга юборилади.

custom img

Миграция агентлиги раҳбари "Корея иши" га алоқадорми?

Миграция агентлиги тармоқларда агентлик раҳбарига оид тарқалган аудио ва видео хабарларга муносабат билдирди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"