Ўзбекистон

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Ғалаба боғига ташриф буюрди

Президент “Матонат мадҳияси” ва "Миллат фидойилари" ёдгорликлари пойига гулчамбар қўйди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Ғалаба боғига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни Тошкентдаги Ғалаба боғига ташриф буюрди.

 

Маълум қилинишича, давлат раҳбари Ғалаба боғида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган хотира маросимида иштирок этди.

 

 

Анъанага мувофиқ, Президент Шавкат Мирзиёев “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Мазкур муаззам обида урушда халқ чеккан азоб-уқубатлар, матонат ва йўқотишларнинг ифодасидир.

 

“Бугун орамизда соғ-саломат яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, барча нуронийларимизга алоҳида меҳримиз, эҳтиромимизни изҳор этамиз. Ушбу мажмуа буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшган кўп миллатли халқимизнинг жасорати ва қаҳрамонлигини тараннум этадиган табаррук маскан, десак, тўғри бўлади”, – деди давлат раҳбари.

 

Маълумотларга кўра, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 миллион 800 минг нафарни ташкил этган аҳолининг қарийб 2 миллион нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.

 

Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани уларнинг жасоратидан далолат беради.

 

Ўзбекистон уруш йилларида фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланган, жанг майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, кийим ва озиқ-овқатлар етказиб турилган. Ғоят оғир шароитга қарамай, халқимиз уруш ҳудудларидан кўчириб келинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонни, жумладан, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болани ўз бағрига олиб, меҳр кўрсатган.

 

 

Тадбирда Ўзбекистон Қуролли Кучлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳам иштирок этиб, мазкур ёдгорлик пойига гуллар қўйди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги “Миллат фидойилари” хиёбонида ҳам бўлиб, мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

 

“Бир йил олдин мана шу ҳудудда “Миллат фидойилари” мажмуасини барпо этганимиз, албатта, бежиз эмас. У Ватан ҳимояси ҳар бир авлоднинг муқаддас иши экани, ватанпарварлик анъаналари давомийлигини эслатиб туради”, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

 

Мажмуада мустақиллик йилларида Ватан озодлиги, эл-юртимиз тинчлиги йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган 196 нафар ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг номлари муҳрлаб қўйилган.

 

 

Давлат раҳбари ота-оналарга шундай баҳодир, довюрак фарзандларни дунёга келтириб, ҳақиқий ватанпарвар этиб тарбиялагани учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.

 

2025 йилнинг ўзида бу мажмуани 650 мингга яқин ўзбекистонликлар ва хорижий меҳмонлар зиёрат қилган.

 

Бу ерда кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, тарих, ватанпарварлик, “Келажак соати” дарслари ўтказилмоқда. Бундай ишлар, маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга ва уларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

 

Жорий йил буюк Амир Темурнинг 690 йиллик таваллуд санаси Ўзбекистонда, чет элларда кенг нишонланяпти.

 

Соҳибқироннинг давлатчилик, жасорат ва қаҳрамонлик машъаласи бугун ҳам порлаб турибди. Бу улуғ анъанани жасур аскар, офицер ва генераллар муносиб тарзда давом эттирмоқда. Улар халқнинг катта бойлиги, Ватаннинг ишончли ва мустаҳкам қалқонлари экани таъкидланди.

 

“Бугун бу ерда саф тортиб турган “Темурбеклар мактаблари” ўқувчилари, мард ҳарбийларимиз тимсолида Алпомиш, Мангуберди ва Амир Темурларнинг янги авлодини кўрамиз. Буюк аждодларимизнинг бой мероси, илм ва тажриба мактаби нафақат музейларимиз, балки қалбимизга ҳам қайтмоқда. Бамисоли улар қайта тирилиб, Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини биз билан бирга барпо этмоқда. Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази, Темурийлар тарихи давлат музейи, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини бориб кўрган ҳар бир одам буни чуқур ҳис этади, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

 

 

Жорий йил Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги катта тантана билан нишонланади. Ушбу сана “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” деган эзгу шиор асосида кутиб олинади.

 

“Бугун яқин-атрофимиздаги минтақаларда бўлаётган қарама-қаршилик ва уруш-жанжалларни кўриб турибмиз. Мана шундай мураккаб вазиятда миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш – энг катта куч, энг катта бойлик эканини ҳаётнинг ўзи яна бир бор тасдиқламоқда. Ватанни ҳимоя қилиш – дунёдаги энг улуғ ва шарафли ишдир. Бу ҳақиқатни чуқур англаб, ҳарбий қасамёдига доимо содиқ бўлиб келаётган ботир ва довюрак ўғлонларимизга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди, – деди давлат раҳбари.

 

“Миллат фидойилари” хиёбони кеча-ю кундуз жасорат овози янграб турадиган, тинчлик учун курашга чорлайдиган қутлуғ маскан бўлиб қолиши, минглаб, миллионлаб Ватан посбонларини тарбиялашга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ўғлонларнинг оила аъзолари ва фарзандларига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам изчил давом эттирилиши қайд этилди.

custom img

Дунёда шакар тақчиллиги хавфи кучаймоқда: нархлар 25 фоиздан кўпроққа ошди

Эл-Нино шакар бозорига энг кучли таъсир кўрсатувчи табиий ҳодисалардан бири ҳисобланади.

custom img

Кўмир қачон ва қаердан сотилади? «Ўзбеккўмир» расмий маълумот берди

Айни пайтда ҳудудларга кўмирни тақсимлаш ва биржа савдоларига чиқариш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

custom img

Саида Мирзиёева устоз ва мураббийларни байрам билан табриклади

У ўқитувчиларнинг ёш авлод тарбиясидаги саъй -ҳаракатларини эътироф этди.

custom img

Ишдан бўшатилганлар учун янги тартиб: муддатидан олдин пенсия олиш мумкин

Белгиланган ёш ва меҳнат стажига эга бўлиб, ишдан бўшатилган айрим фуқароларга уч ой давомида иш топилмаса, муддатидан олдин ёшга доир пенсия тайинланади.

custom img

Қабул-2026: имтиҳондан «йиқилган» қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун қўшимча ўринлар ажратилди

Қорақалпоғистонда доимий яшайдиган ёшлар учун 2026/2027-ўқув йилида олий таълимга қўшимча 500 та мақсадли ва 6 500 та тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари тасдиқланди.

custom img

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларини табриклади

Табрикда таълим соҳасидаги ютуқлар қайд этилиб, илғор педагоглар учун Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофоти таъсис этилиши маълум қилинди.

custom img

Президент Шавкат Мирзиёев Жанни Инфантинони қабул қилди

Учрашувда U-20 жаҳон чемпионати ва футболни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

custom img

Чипта йўқ, қаршилик бор: Тошкентлик йўловчи 3 суткага қамалди

Фуқаро автобусдан тушганидан сўнг йўл ҳақи тўланганини тасдиқловчи ҳужжатни сўраган назоратчи билан жанжаллашиб, унга куч ишлатишга уринган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"