Сурхондарёда Damas ва Nехiа ўртасидаги пойга оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Машиналардаги қолган фуқаролар турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига олиб кетилган.

Сурхондарё вилоятининг Узун туманида Damas ва Nехiа автомобиллари иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши вафот этди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса 28-май куни соат 23:50 атрофида Узун тумани “Чақар” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Д-169 автомобил йўлининг 132-километрида юз берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 17 ёшли ўсмир тўрт нафар синфдоши билан Damas автомобилини бошқариб кетаётган бўлган. Шу йўналишда ҳаракатланаётган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 20 ёшли йигит бошқарувидаги Nехiа билан ким ўзарга ўйнаш оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Ҳодиса натижасида Damas автомобилининг вояга етмаган ҳайдовчиси ҳамда Nехiа автомобилидаги йўловчилардан бири воқеа жойида вафот этган. Қолган фуқаролар турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига олиб кетилган.








